ЖҲСТ ЕВРОПА МИНТАҚАВИЙ КОМИССИЯСИНИНГ 50 ДАН ОРТИҚ МАМЛАКАТЛАР ИШТИРОКИДАГИ ЙИРИК АНЖУМАНИГА 2024 ЙИЛДА САМАРҚАНД МЕЗБОНЛИК ҚИЛАДИ

ЖҲСТ ЕВРОПА МИНТАҚАВИЙ КОМИССИЯСИНИНГ 50 ДАН ОРТИҚ МАМЛАКАТЛАР ИШТИРОКИДАГИ ЙИРИК АНЖУМАНИГА 2024 ЙИЛДА САМАРҚАНД МЕЗБОНЛИК ҚИЛАДИ

Қўмита раис ўринбосари - Ўзбекистоннинг Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилотидаги (ЖҲСТ) делегати Аброр Акбаров бошчилигидаги делегация Италиянинг Катания шахрида бўлиб ўтаётган ЖҲСТ Европа Минтақавий комиссияси 30-конференциясида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон делегати Конференция Қўмитасига ҳамраис этиб сайланди ва халқаро анжуманга раислик қилмоқда.

Бундан ташқари конференция доирасида икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Жумладан ЖҲСТ бош директори Моник Элуа хоним билан учрашув ўтказилди. Шунингдек, БМТнинг ФАО ташкилоти ва Европа Иттифоқи вакиллари хамда Италия, Чехия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон вакиллари билан икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиб ва ҳамкорликнинг устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Конференция кун тартибидаги масалалар муҳокамаси доирасида ЖҲСТнинг GF-TADs дастури бошқарув гуруҳи таркибига Ўзбекистон делегатини киритиш масаласи кўриб чиқилиб, бир овоздан мақулланди.

Шунингдек Европа Минтақавий Комиссияси 31-конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича Ўзбекистон делегациясининг маъруза ва тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу таклиф делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди ҳамда Бош директор Ўзбекистоннинг ветеринария сохаси ютуқларини эътироф этган ҳолда, 50 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этадиган йирик халқаро анжуман Ўзбекистонда ўтказилишини эълон қилди.