ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИК СОҲАЛАРИДА ЎЗБЕК-ҚИРҒИЗ АЛОҚАЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИК СОҲАЛАРИДА ЎЗБЕК-ҚИРҒИЗ АЛОҚАЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида Қирғиз Республикаси билан режалаштирилаётган олий ва юқори даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида Қирғиз Республикаси Қишлоқ ҳўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Нурдин Алишеров билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда асосий эътибор ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳаларида икки мамлакат давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган идоралараро халқаро хужжатларни имзолаш, давлат ветеринария назорати остидаги товарлар айирбошлашни янада ривожлантириш ва чорвачилик соҳасида қўшма инвеститция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилди.

Қирғиз тарафи Қўмита томонидан ишлаб чиқилган “Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликка оид Меморандум” лойиҳасини келиштириш жараёнлари якунланганлигини маълум қилиб, ушбу идоралараро халқаро ҳужжат яқин кунларда имзоланиши тўғрисида айтиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар сут ва сут маҳсулотлари билан савдо-сотиқни кенгайтириш мақсадида ўзаро ташрифлар ташкил этишга келишиб олишди.

Қирғиз тарафи, мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожланиш даражаси йил сайин ошиб бораётганлигини таъкидлаб ўтиб, чегара олди ҳудудларда қўшма наслчилик марказлари ташкил этишни ҳамда Ўш вилояти Ўзган тумани орқали оқиб ўтадиган Ясси дарёси бўйида ҳамкорликда балиқчилик ҳўжаликлари ташкил этишни таклиф қилди.

Учрашув якунида томонлар музокара давомида кўриб чиқилган ҳамкорлик йўналишларини ҳаётга самарали тадбиқ этиш мақсадида мулоқатларни янада жадаллаштиришга келишиб олишди.