ЕМ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЎРГАНИЛДИ

ЕМ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЎРГАНИЛДИ

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилоятида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 февралда имзолаган “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда ем ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти самарадорлигини кўздан кечирмоқда.

Ишчи гуруҳ чорвачилик ва балиқчилик субъектлари учун интенсив ем ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “BDK FEED” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишди.

Корхона мутахассислари билан мулоқот давомида ишлаб чиқарилаётган ем маҳсулотларининг сифатини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, нафақат ички бозорни, балки қўшни давлатларга ем маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари хусусида тавсиялар берилди.

Эслатиб ўтамиз, “BDK FEED” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган ем маҳсулотлари самарали, фойдали, тез ҳазм бўладиган, ўзлаштириш даражаси юқори, витамин ва минералларга бойлиги билан аҳамиятли. Корхона айни пайтда 13 турдаги омухта ем маҳсулотларини кунлик 50 тонна, йиллик қуввати 15 минг тонна атрофида ишлаб чиқармоқда.

Балиқ емидаги оқсил, яъни протеин миқдори 25-45 фоизни, ҳазм бўлиш даражаси 80 фоизни ташкил этади. Бошқача таърифлаганда, 250-300 граммлик балиқ чавоғи мавсум мобайнида 4 кг ем еса, сотиш даврига келиб 3 кг вазнли балиққа айланади деганидир!

Чорва учун ишлаб чиқарилган ем гўшт миқдори ўсишини 20-30 фоизга оширмоқда.