ЧОРВАЧИЛИК КЎМАККА МУҲТОЖ СОҲАДАН ЙИРИК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ДРАЙВЕРИГА АЙЛАНМОҚДА

ЧОРВАЧИЛИК КЎМАККА МУҲТОЖ СОҲАДАН ЙИРИК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ДРАЙВЕРИГА АЙЛАНМОҚДА

Кундалик истеъмол харажатларимизнинг 30 фоизини гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари ташкил этади. Агар бунга умумий талаб сифатида қарайдиган бўлсак, ушбу турдаги маҳсулотлар етиштириш ҳажми анча йириклигини англаш қийин эмас. Табиийки, шунга мос равишда мазкур йўналиш аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Айни сабаблар учун ҳам чорвачилик – аҳоли фаровонлиги ва айниқса, бугунги кунда жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар силсиласида кузатилаётган тақчиллик палласида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 31 май куни аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айни жиҳатлар таъкидланиб, бир қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, аҳолини озиқ-овқат, жумладан, чорва ва паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўриш мақсадида ҳар бир йирик хўжаликнинг ичига кириб, унинг қуввати, ишлаб чиқариш ҳажмини ўрганиш, чорвачилик йўналишидаги лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш чораларини кўриш алоҳида вазифа этиб белгиланди. Йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида жорий йилда амалга ошириладиган ишларни белгилаб олдик. Жумладан, жорий йил чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 9,7 триллион сўмлик 2 минг 31 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Бугунги кунга қадар эса қиймати 3,4 триллион сўмлик 815 та лойиҳа амалга оширилиб, 62 минг доимий ва мавсумий янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида жорий йилнинг ўтган даврида 35 та пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари томонидан қиймати 580 миллиард сўмлик чорвачилик комплекслари ташкил этилиб, 20 минг бошга яқин қорамол парвариши йўлга қўйилди. Йил якунига қадар яна 70 та айни йўналишдаги кластерларда 500-1000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекслари барпо этилиб, ишга туширилади. Бундан ташқари, жорий йил ҳар бир туманда камида 1-2 тадан гўшт ва сут ишлаб чиқарадиган оилавий кооперациялар ташкил этиш бўйича ҳам алоҳида топшириқ берилди. Бу борада кооперация усулида 249 та, шундан, 110 та гўшт ва 139 та сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига чорва моллари етказиб бериш ва етиштирилган чорва маҳсулотларини қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш белгиланган. Ҳозирда 56 та кооперация ташкил этилиши натижасида қарийб 2 минг 600 та хонадонга 5 минг 702 бош қорамол тарқатилди.
Эндиликда бу борадаги ишлар янада жадаллаштирилади. Айни пайтда аҳоли хонадонларида кооперациялар ташкил этиш бўйича йирик корхоналарнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Бу орқали ҳар бир хонадонга 2-4 бошдан қорамол тарқатиш ва ҳар бир корхона камида 70 тадан хонадонни қамраб олишига эришилади. Пахта ва ғалла асосий экин майдонларининг 10 фоизига алмашлаб экиш тизими жорий қилинади. Натижада чорва озуқа базасини янада кўпайтиришга эришилиб, шу ҳисобдан янги ташкил этилган чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларидаги чорва учун озуқа етказиб бериш имконияти яратилади. Чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда 35 минг гектар ерга янги беда, 184 минг гектарига маккажўхори, 31 минг гектарга оқжўхори ва 14 минг гектар майдонга хашаки лавлаги экилди. Ғалладан бўшаган майдонларнинг 200 минг гектарига такрорий экин сифатида сильос учун маккажўхори экилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан берилган ҳар бир топшириқ ечими, яъни ишлаш тизими, шароити билан ва энг муҳими, аниқ манбаси ҳамда пули билан белгилаб берилди-ки, бу вазифаларни фақатгина тизимли ёндашув билан ташкил этиш қолди. Бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этган ҳолда йил якунига қадар қорамоллар бош сонини 14,5 миллион бошга, гўшт ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллион, сутни 12,2 миллион тоннага етказамиз.
Чорвачилик тармоғи ривожини ветеринария хизматисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан маҳаллалардаги чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа йўналишлар билан шуғулланувчи хонадонлар сони ва уларнинг фаолият тури тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маҳалланинг “Ветеринария хизматларини маҳаллабай ва хонадонбай тартибда ташкил этиш” паспорти ишлаб чиқилди. Қўмита тизимидаги 5 минг нафарга яқин мутахассис хонадонбай ишлаш учун бириктирилди. Шунингдек, кўчма ветеринария хизматларини кўрсатиш сервиси ташкил этилиб, улар томонидан профилактик эмлаш тадбирлари, даволаш-профилактика ишлари ҳамда сунъий уруғлантириш бўйича хизматлар “маҳаллабай” ва “кўчабай” усулда олиб борилмоқда. Шу ўринда соҳага оид яна бир ижобий кўрсаткичга эътибор қаратиб ўтсак. Ветеринария хизмати томонидан 2016 йилда 300 миллион сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилган бўлса, сўнгги йилларда яратилган шароит ва имкониятлар туфайли пуллик хизмат кўрсатиш кўлами кескин кенгайди. Хусусан, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 60 миллиард сўмга етди ёки 200 бараварга ошди. Давлатимиз раҳбари ветеринария хизмати кўрсатишни 150 миллиард сўмга етказиш топшириғини берди. Ушбу маблағлар соҳанинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилади. Мухтасар айтганда, Президентимизнинг қатор қарорлари, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли ҳар икки тармоқ (ветеринария ва чорвачилик) кўмакка муҳтож соҳадан йирик ишлаб чиқариш драйверларига айланди. Дунёнинг ўзгарувчан геосиёсий фонида мамлакатимизда чорвачилик маҳсулотлари барқарорлигини таъминлаш соҳа мутахассислари олдида турган энг асосий вазифа, таъбир жоиз бўлса, муқаддас бурч ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, чорвадор ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, аҳолини узлуксиз гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, охирги уч йилда чорвачилик соҳасига 15 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилиб, 4 минг 500 га яқин лойиҳа амалга оширилди. Наслчилик хўжаликларининг сони 3 бараварга кўпайиб, 1 минг 400 дан ошди. Натижада 2019-2021 йилларда чорва молларининг бош сони 1 миллион 200 мингтага кўпайди.


2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам бу борада устувор вазифалар, жумладан, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини 1,5-2 баробарга ошириш вазифаси белгиланганки, бу эндиликдаги ишларимиз салмоғи, соҳа истиқболидан далолат беради.

Баҳром НОРҚОБИЛОВ,
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси раиси