24 Апр 2021 БУГУН ХАЛҚАРО ВЕТЕРИНАРИЯ КУНИ

24 Апр 2021 БУГУН ХАЛҚАРО ВЕТЕРИНАРИЯ КУНИ

Унда ушбу соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилган.

2000 йилда Халқаро ветеринария ассоциацияси ва Халқаро ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилотининг ташаббуси билан ҳар йили апрель ойининг охирги шанбаси “Халқаро ветеринария куни” деб белгиланиши ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Ҳар йили ушбу кун жуда кўп давлатларда байрам сифатида нишонланади. Жумладан, мамлакатимизда ҳам.

Ветеринария соҳаси ҳайвонлар соғлиғини сақлаш билан бирга аҳолини инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бутунжаҳон ветеринарлари томонидан ҳайвонлар соғлиғини сақлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг пировардида инсон саломатлиги диққат эътиборда бўлмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг аҳолига етказиб берилишида хўжаликдан дастурхонгача бўлган даврда ветеринар асосий ўринни эгаллайди. Ва бу жараённи соҳа фидойиларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Сир эмас, бугунги кунда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатимизда ветеринария, чорвачилик ва наслчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органи сифатида фаолият олиб бормоқда. Натижада қўмита томонидан ҳайвонлар орасида касаллик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида чорва молларини юқумли касалликларга эмлаш даражаси 2016 йилга нисбатан 46 фоизга оширилди. Касалликларнинг келиб чиқиш ҳолатларининг кескин камайишига ва республика ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича эпизоотик барқарорлик таъминланишига эришилди.

Шунингдек, қўмита томонидан Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан мунтазам ҳамкорлик ўрнатилди.

Жойлардаги профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ва давлат ветеринария хизмати моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ҳудудий ветеринария бўлимлари ва участкалари 545 дона мотоцикл, скутер ва велосипед ҳамда 139 дона автотранспорт воситалари билан таъминланди.

Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг бошқа соҳалар қатори ветеринария ва чорвачилик соҳасига катта эътибор бераётганлигидан далолатдир.

Биз айни синов дамларида янада фаол, фидойи бўлишимиз, мамлакатимизда ветеринар осойишталикни таъминлаш, чорвачиликнинг барча тармоқларини янада ривожлантириш, ҳайвонлар наслини яхшилаш ва бу орқали халқимиз истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибамизни сафарбар этишимиз зарур!