ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ ЙЎЛИ

ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ ЙЎЛИ

Бугун элимиз орасида қизғин муҳокама қилинаётган ва ёшу қарининг тақдирига алоқадор бўлган Президентимизнинг мамлакатимиз парламентига йўллаган Мурожаатномаси ҳеч шубҳа йўқ-ки, ҳаётимизни тубдан ўзгартиришга, юртимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ушбу Мурожаатномада мамлакатимизда эришилган ютуқлар, шунингдек ўз ечимини кутаётган ва жамиятимиз ривожланишига тўғаноқ бўлаётган муаммоллар, уларнинг ечими атрофлича ёритилиб, истиқболда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг шахсан ташаббуслари ҳамда бевосита қўллаб-қувватлашлари билан мамлакатимизнинг чорвачилик соҳасида ҳам янги давр, устувор истиқболли режаларни амалга ошириш даври бошланди, десак муболаға бўлмайди.
Бугунги кунда, фермер ва деҳқонлар, шу жумладан чорвадорларнинг манфаатдорлигини ошириш мақсадида соҳага илғор рақамли технологиялар ва кластер тизими жорий этиш, бугунги куннинг талаби.
Жумладан, 2020 йилда Хитой давлатининг компаниялари томонидан 51 млн доллар маблағ тўғридан-тўғри инвестициялар киритилиб, 3 та чорвачилик йўналишида кластер ташкил этилади.
Осиё тараққиёт банкининг 150 млн доллар маблағи ҳисобига “Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилади.
“Ўзбекистонда чорвачилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳасига Франция тараққиёт агентлигининг 85 млн доллар маблағи жалб қилиниб, лойиҳа доирасида Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларига чорвачилик тармоқларини ривожлантириш учун тижорат банклари орқали имтиёзли кредитлар тақдим этилади.
Озуқабоп ўсимликлар уруғларини тизимли етказиб бериш учун 1 минг 30 гектар майдонда озуқабоп ўсимликлар уруғларини етиштириш йўлга қўйилади.
Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мақсадида лалми ва яйлов ер участкаларида озуқабоп экинлар етиштириш йўлга қўйилади.
Паррандалар бош сонини кўпайтириш ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида, 2020 йилда жами қиймати 880 млрд сўмлик 278 та паррандачилик лойиҳалар ишга туширилади.
Шунингдек, жами қиймати 263 млрд сўмлик йиллик қуввати 35,0 минг тонна гўшт ва 35 млн дона тухум ишлаб чиқариш қувватига эга 9 та паррандачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилади.
Шу билан бир қаторда, ветеринария ва чорвачилик соҳаларида электрон ахборот тизимларидан фойдаланиш кўлами кенгайтирилади. Жумладан, 2020 йилда чорвачиликда янги лойиҳалар ва муаммоли масалалар мониторинг тизими, ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган сўйилган ҳайвон гўштларининг ягона электрон маълумотлар базаси, идентификация қилинган ҳайвонлар ягона электрон маълумотлар базаси, ветеринария назорати остидаги объектлар ягона электрон реестри ва эпизоотияга қарши курашиш тадбирлари мониторинг тизими каби электрон дастурлар амалиётга жорий қилинади.
Чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот турларини кенгайтириш, шунингдек, сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун соҳада илм-маърифат, замонавий ва инновацион ёндашувлар, тармоқ фаолиятини илмий асосда ташкил этиш ҳамда тизимда малакали ёш кадрларни тайёрлаш орқалигина эриша оламиз.
Муҳтарам президентимиз томонидан “2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилиниши айни муддао бўлди.
Мурожаатноманинг эътиборли жиҳати шундаки, ҳаётимиздаги бирор жабҳа, бирор соҳа ва ундаги ҳолатлар, муаммолару камчиликлар Президентимизнинг эътиборидан четда қолмади. Бу улуғвор ишларни бажаришда ёшлар катта куч эканлиги, таълим- тарбия жараёнларини янада такомиллаштириш ва бу борада хориж тажрибасини миллий қадриятларимизга муқояса қилган ҳолда ишларни ташкил этиш яхши самара бериши айтиб ўтилди.
Бугунги кунда, долзарб масалалардан бири бўлган соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйишда билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур.
Бу борада, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, унинг Нукус ва Тошкент филиалларида хорижий тажрибалар ва қўшма дастурлар, янгича ёндашувлар асосида ўқув режа ва дастурларни қайта ишлаб чиқишимиз ҳамда соҳа учун билимли, илм-маърифатли ва юксак маънавиятли ёш кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишимиз зарур.
Қўмита тизимида 4 та илмий тадқиқот институтлари, 1 та олий таълим муассасаси ва унинг 2 та филиали, 3 та техникум ва 1 та академик лицей самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бизнинг мазкур олий таълим муассасаларимизда ўқиш истагини билдирган, илмли бўламан, деган, барча ёшларимизга таҳсил олиши учун ҳамма қулайликлар яратилади.
Қабул квоталарини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш мақсадида, 2020/2021 ўқув йили учун қабул квоталари – 2400 дан кўпайтирилиб, 700 дан ортиқ ветеринария мутахассислари, 2 мингга яқин техник-осеменаторларнинг малакаси оширилади.
Бунда, айниқса, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратилади.
Келгусида республикамизда грантлар миқдорини кўпайтириш ва тадқиқот йўналишлари кўламини кенгайтирилишини назарда тутган ҳолда чорвачиликнинг барча тармоқлари фаолиятини илмий асосда ташкил этиш, илмий-тадқиқот натижалари ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш йўлга қўйилади.
Пировард натижада, мамлакатимиз истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлашда муҳим звено – чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда «даладан дўконгача» бўлган узлуксиз занжирни яратишга эришилади.
2020 йилдан чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳаларда наслчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ этилади.
Хусусан,
- тижорат банклари ажратадиган кредитлар бўйича компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этиш;
- хорижий валютадаги кредитлар учун тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этиш.
Шунингдек, а) сотиб олинган ҳар бир бош наслдор қорамол; б) интенсив усулда етиштирилган балиқ; в) ҳар бир бош 1 кунлик наслли жўжани импорт қилиш учун хўжаликларга субсидиялар ажратилади.
2022 йил 1 январга қадар, корхоналарга ўзи ишлаб чиқарган тухум ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилишда, наслдор инкубацион тухум ва наслдор бир кунлик жўжаларни, шунингдек вакцина, ветеринария дори воситаларини импорт қилишда, истисно тариқасида, амалдаги ҳаво транспорти тарифларига 20 фоизлик чегирма жорий этилади.
Республикамизнинг Ветеринария ва чорвачилик соҳаси олдида бизни улкан вазифалар ва катта масъулият кутмоқда.
Ҳурматли ҳамкасблар, соҳа олимлари, Президентимизнинг ушбу мурожаатларидан ҳар биримиз керакли хулоса чиқариб, яратилаётган кенг шарт-шароитларга муносиб жавоб берган ҳолда, янада фаол бўлишимиз, мамлакатимизда ветеринар осойишталикни таъминлаш, чорвачиликни барча тармоқларини янада ривожлантириш, ҳайвонларнинг наслини яхшилаш ва бу орқали ҳалқимиз истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор билим, куч-ғайратимиз ва тажрибамизни сафарбар этишимиз зарур.


Баҳром НОРҚОБИЛОВ,

Манба: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
давлат қўмитаси раиси